Эр-хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Бугун дарсда қуйидагилар билан танишасиз:

  1. Эр ва хотиннинг умумий мулки.
  2. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкка эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши.
  3. Эр ва хотинлардан ҳар бирининг мулки.
  4. Эр ва хотиннинг шахсий фойдаланишидаги буюмлар.
  5. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш.
  6. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда улушларни аниқлаш.

Эр ва хотиннинг умумий мулки

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (ер ва хотиннинг умумий мол-мулкига) улардан ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек, махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини ё‘қотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради.

24 Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчимли ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлар, омонатлар, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қат’и назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

Эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир.

Эр ва хотинлардан ҳар бирининг мулки.

Эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг шахсий мулки ҳисобланади.

Никоҳ давомида эр-хотиннинг умумий мулки, улардан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига мол-мулкнинг қиймати анча ошишига олиб келган маблағлар (капитал та’мирлаш, қайта қуриш, қайта жиҳозлаш ва бошқалар) қўшилгани аниқланса, эр ёки хотиндан ҳар бирининг мол-мулки уларнинг биргаликдаги мулки деб топилиши мумкин.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек, кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин.

Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланади. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек, эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.

Оилавий муносабатлар тугатилганда суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг шахсий мулки деб топиши мумкин. Вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар (кийим-бош, поябзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсатсиясиз берилади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида э’тиборга олинмайди. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар никоҳда турган даврда бўлинган тақдирда, эр ва хотин молмулкининг бўлинмай қолган қисми, шунингдек, эр ва хотин томонидан улар никоҳда турган даврда орттирилган мол-мулк кейинчалик уларнинг биргаликдаги умумий мулкини ташкил қилади.

Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик да’во муддати қўлланилади. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.

Эр ва хотиннинг шахсий фойдаланишидаги буюмлар

Қимматбаҳо буюмлар ва зебу-зийнатлардан бошқа шахсий фойдаланишдаги буюмлар (кийим-бош, поябзал ва бошқа шу кабилар), гарчи никоҳ давомида эр ва хотиннинг умумий маблағи ҳисобига олинган бўлса ҳам, улардан фойдаланиб келган эр ва хотиннинг хусусий мулки ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, 26-модда.


Ижодий фаолият

М. турмуш ўртоғи Т. билан никоҳдан ажратиш ва уларнинг биргаликдаги мол-мулкларини бўлиб бериш ҳақида да’во аризаси билан судга мурожаат қилади. М. ўз аризасида келтирилган мол-мулклар рўйхати қаторида уларга никоҳ тўйларига Т.нинг ота-онаси томонидан совға қилинган юмшоқ мебеллар тўплами ва гилам борлигини кўрсатади. Ҳадя шартномаси тузилмаган бўлса-да, Т. ота-онаси томонидан тўйларига совға қилинган буюмларни ўзиники, деб қаршилик билдирди. Сиз нима деб ўйлайсиз, кимнинг талаби қонуний?

Савол ва топшириқлар:

1. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки қандай бўлинади?

2. Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига да’во муддати неча йилни ташкил қилади?

3. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар никоҳда бўлган даврда бўлиниши мумкинми? Фикрингизни асосланг.

4. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида э’тиборга олинадими?

524
Нет комментариев. Ваш будет первым!