Эр-хотиннинг шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Бугун дарсда қуйидагилар билан танишасиз:
- Эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятларининг вужудга келиши.
- Эр ва хотиннинг фамилия танлаш ҳуқуқи.
- Эр-хотиннинг болалар тарбияси ва оила турмуши масалаларини ҳал қилиши.
1) Эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятларининг вужудга келиши
Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин ҳисобланадилар ва улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Энди улар ўртасидаги муносабатлар ахлоқ-одоб қоидаларигина билан эмас, балки қонунлар ва ҳуқуқий қоидалар билан ҳам тартибга солинади. Бунда аёллар сиёсий жиҳатдан эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлганларидек, оилада ҳам барча шахсий ва мулкий масалаларда улар билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва баб-баравар мажбуриятларга эгадирлар.
2) Эр ва хотиннинг фамилия танлаш ҳуқуқи
Никоҳ асосида икки хил — шахсий ва мулкий муносабатлар келиб чиқади. Шахсий муносабатларга эр-хотиннинг фамилия танлаш ҳуқуқи, болалар тарбияси ва оила-турмуш масалаларни ҳал этиш, касб ва турар жой танлаш ҳуқуқлари киради. Бундай ҳолатларда уларнинг меҳнати ва фуқаролик ҳуқуқи муомала лаёқатининг элементи бўлиб, оила ҳуқуқи соҳаси ҳисобланмайди. Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унинг хоҳишига биноан унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.
3) Эр-хотиннинг болалар тарбиясидаги иштироки ва турмуш масалаларини ҳал қилиши
Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга. Ота-она боланинг тарбиясига ёки манфаатларига салбий та’сир қиладиган ҳаракатларни бажарсалар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиладилар. Ота-она болалар тарбиясига бир хилда мас’улдирлар. Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиш, манфаат кўриш, ҳар тарафлама камол топиш, инсоний қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганида ва бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада тарбияланиши ҳуқуқий васийлик ва ҳомийлик органи томонидан та’минланади. Ота-онаси никоҳининг бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши боланинг ҳуқуқларига та’сир қилмайди. Ота-она вояга етмаган фарзандларнинг қонуний вакили ҳисобланади, чунки улар ўз ҳуқуқи ва мажбуриятларини мустақил ҳимоя қила олмайдилар.
Ота-она нафақат тенг ҳуқуқлидир, балки болаларни моддий жиҳатдан та’минлаш, жисмонан, руҳан ва ахлоқий соғлом қилиб тарбиялаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида ҳам бир хил мажбуриятга эгадирлар. Афсуски, ба’зида ота-оналар ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортадилар. Болаларга шафқатсиз муносабатда бўладилар, уларни таҳқирлайдилар, ичкилик ёки гиёҳвандлик моддалари исте’молига сурункали бериладилар ёки бошқа амаллари билан ота-оналик ҳуқуқини суиисте’мол қиладилар.
Бундай ҳоллар аниқлангудек бўлса, улар суд қарорига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиладилар. Ота-она ҳуқуқидан маҳрум қилишга доир ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади. Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда болани моддий жуҳатдан та’минлаш учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (ёки уларнинг биридан) алимент ундириш ҳақида қарор қабул қилади. Суд боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмай туриб, болани ота-онадан (уларнинг биридан) олиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши (ота-оналик ҳуқуқини чеклаши) мумкин.
Ижодий фаолият
1-вазият. Гулноза билан Анвар турмуш қуриш учун фуқаролик ҳолатларини қайд этиш органига ариза беришди. Гулноза ўзининг фамилиясида қолмоқчи бўлди. Анвар Гулнозанинг бу фикридан қайтаришга уринди, аммо Гулноза ўз фикрида туриб олди.
Савол: Гулноза турмушга чиққанида ўз фамилиясида қолиши мумкинми? Ёки аксинча Анвар Гулнозанинг фамиялисини қабул қилиши мумкинми?
2-вазият. Бир йилдан сўнг уларнинг оиласида фарзанд дунёга келди. Улар фарзандига бобосининг исмини фамилия қилиб беришга қарор қилишди. Энди уларнинг оиласида уч хил фамилия.
Топшириқ: Бу ҳолатга қонуний баҳо беринг.
Савол ва топшириқлар Ижодий фаолият:
1. Эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималарни ўз ичига олади?
2. Эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятлари қачондан бошлаб вужудга келади?
3. Ота-она ҳуқуқидан маҳрум қилишга доир ишлар кимларнинг иштирокида кўриб чиқилади? Фикрингизни асосланг.
4. Вояга етмаган фарзандларнинг қонуний вакили кимлар бўлиши мумкин ва нима учун?