Никоҳ тузиш тартиби ва шартлари

Бугун дарсда қуйидагилар билан танишасиз:

  1. Никоҳ тушунчаси. Никоҳ тузиш тартиби.
  2. Никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги. Никоҳ ёши. Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар. Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш.

1) Никоҳ тушунчаси. Никоҳ тузиш тартиби.

Никоҳ оиланинг вужудга келиши учун бирдан-бир асосдир. Никоҳ аҳди инсонларга мас’улият юклайди. Чунки оилада эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўз вазифаси бор, улардан ҳар бири ўз вазифасини тўла адо этишга мас’улдирлар. Никоҳ туфайли янги оилалар вужудга келади. Никоҳ тузиш шунчаки расмиятчилик эмас, унинг давлат томонидан қайд этилиши юридик фактдир.

Айнан рўйхатга олинган (қайд этилган) никоҳ юридик никоҳ деб ҳисобланади ва фақат угина эр-хотинлик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини юзага келтиради. Рўйхатсиз (қайдсиз) никоҳ ҳақиқий эмас. Никоҳ давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб, эр, хотин ва болаларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини муҳофаза этиш мақсадида қайд этилади.

Никоҳни қайд этишда гувоҳларнинг сони икки кишидан кам бўлмаслиги керак. Фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

2) Никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги. Никоҳ ёши. Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар.

Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади. Амалдаги қонун ҳужжатларида никоҳ ёши белгилаб қўйилган. Қонунга биноан эркаклар 18 ёшдан, аёллар эса 17 ёшдан никоҳ тузишлари мумкин. Фуқаролик қонунларига асосан вояга етгунга қадар қонуний асосда никоҳдан ўтган фуқаро тўла ҳажмдаги муомала лаёқатига эга бўлади.

Никоҳ тузиш натижасида эга бўлган муомала лаёқати 18 ёшга тўлмасдан туриб никоҳдан ажратилган тақдирда ҳам тўла сақланиб қолади. Никоҳ ҳақиқий эмас, деб топилганида суд вояга етмаган эр (хотин) суд белгилаган пайтдан бошлаб тўла муомала лаёқатини ё‘қотганлиги ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

Никоҳ ёшига амал қилмасдан, ғайриқонуний равишда никоҳ муносабатларида бўлиш ҳар хил ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай никоҳ ҳақиқий эмас, деб топилиб, оила қонунларида белгиланган тегишли шахсий ва мулкий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.

Никоҳ тузилишига монелик қиладиган ҳолатлар.

1. Лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида никоҳ тузилиши мумкин эмас.

Республикамизда ҳар бир фуқаро фақат якка никоҳда бўлиши мумкин. Якка никоҳлик тамойили бизнинг жамиятимизда мавжуд бўлган юксак ахлоқий қоидалардан келиб чиқади. Бу қоиданинг бузилиши никоҳни ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлади.

2. Насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузилишига рухсат берилмайди.

Қонун ҳужжатларида яқин, тўғри, ён шажара, ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош тушунчалари мавжуд. Бири бошқасидан ёки умумий аждоддан дунёга келган шахслар яқин қариндошлар ҳисобланади. Бири бошқасидан дунёга келган шахслар, я’ни бобо-ота, ўғил-невара-евара-чевара-дубора тўғри шажарадаги қариндошлар деб юритилади. Ака-ука ва опа-сингил ён шажарадаги қариндош дейилади.

Ёт аралашмаган қариндош деб умумий ота ёки онага эга бўлишлик, ёт аралашган қариндош деб турли ота ёки онадан туғилган ўгай ака-укалар ва опа-сингиллар тушунилади. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни қонун ё‘ли билан тақиқлаш ахлоқий қоида ҳамда биологик нуқтайи назарга, тиббиёт фани ютуқлари ва хулосаларига асосланади. Бошқа қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш қонун билан тақиқланмайди. Шунинг учун ён шажара бўйича қариндош бўлган, тоғавачча, амакивачча, холаваччалар ва бошқа узоқ қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш мумкин.

Ака-укалар ҳамда опа-сингиллар фарзандларининг ўзаро никоҳ тузишлари мақсадга мувофиқ эмас. Қариндошлик никоҳи туфайли кўпинча нимжон, жисмонан носоғлом, нуқсонли, майиб болалар дунёга келади. Қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ ҳатто фарзандсизликка олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

3. Лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузилишига ё‘л қўйилмайди.

Бундай шахслар ўз қилмишларининг оқибатига тўлиқ жавоб бера олмайдилар ва никоҳ тузишга онгли равишда ўз хоҳишларини изҳор эта олмайдилар. Бу қоида никоҳланувчиларнинг ихтиёрий ва ўз хоҳишига кўра никоҳ тузиш тамойилидан келиб чиқади. Шахснинг руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилиши фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига ариза топширганидан сўнг, никоҳни қайд этиш муддатигача юз берган бўлса ҳам, никоҳдан ўтишга монелик қилади.

Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Ма’мурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 473 -моддаси ва Жиноят кодекси 1251 -моддасига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


Никоҳ ҳақида миллий қадриятлардан.

Сизлар учун (бу гап эркакларга айтиляпти) оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опасингилларингиз, қайноналарингиз, никоҳингизда бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари – мана шу санаб ўтилган аёлларга уйланиш ҳаром қилинди.Қур’они карим, Нисо сураси, 23-оят.


Савол ва топшириқлар Ижодий фаолият

1. Оила қурадиган инсон қандай мас’улиятларни зиммасига олиши керак?

2. Оила қуриш учун нималарга эга бўлиш керак?

3. Қуйидагилардан қайси бири бўлмаса ҳам оила қуриш мумкин: моддий имкониятлар, ма’навий тайёргарлик, руҳий тайёргарлик, жисмоний (биологик) тайёргарлик?

4. Сизнингча, оилада турмушнинг қийинчиликлари кўпроқ кимнинг зиммасига тушади? Фикрингизни асосланг

613
Нет комментариев. Ваш будет первым!